ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ФАВҚУЛОДДА ВА МУХТОР ЭЛЧИСИ В.В.ФЕННИНГ КОРЕЯДАГИ БАРЧА ВАТАНДОШЛАРГА МУРОЖААТИ
Азиз ватандошлар!
Бугунги кунда дунё бўйлаб кенг тарқалиб бораётган коронавирус касаллиги жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади.
Айни пайтда давлатимиз томонидан мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалиб кетишини олдини олиш борасида жуда катта, кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Қисқа муддатларда бир неча касалхоналарнинг ишга туширилиши, уларни замонавий тиббий асбоб- ускуналар билан жиҳозланиши, даволаш тизимида энг самарали дори воситалари ва жиҳозларни хориждан олиб келиб, фуқаролар саломатлиги йўлида ишлатилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Бу ишларни амалга оширишда муҳтарам Президентимиз ва ҳукумат раҳбарлари, тиббиёт ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг кўп сонли вакиллари, қурувчи мутахассислар, бу офатга қарши курашиб ижобий натижага эришаётган давлатлардан келиб ёрдам бераётган етук мутахассислар, фаол фуқароларимиз ва бизнинг хорижда яшаб бу ишга хайрихохлик қилиб беғараз ўз ёрдамини кўрсатаётган ватандошларимизнинг сай - ҳаракатларини эътироф этмасликнинг иложи йўқ.
Шундай экан мен бугун Корея Республикасида доимий яшаётган, меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган, ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйган ва барча - барча ватандошларимизга мурожаат қилиб, Сизларни мамлакатдан узоқда бўлсангизда юртимизда коронавирус касаллигини тарқалиб кетишини олдини олиш борасида олиб борилаётган хайрли ишлардан четда қолмасдан ўз имкониятингиздан келиб чиқиб халқимизга ёрдам кўрсатишингизни ва шу орқали Ватанимизга бўлган меҳр - муҳаббатингиз, қолаверса унга бефарқ эмаслигингизни ифодасини намоён қилишингизга ишонаман.
Азиз ватандошлар!
Мен бу борада Сизларнинг фаоллигингиз ва хайрихоҳлигингизни чуқур ҳис қилган ҳолда, тушадиган хайрия маблағларни жамлаган ҳолда, уни мамлакатимизда коронавирус касаллигини тарқалиб кетишини олдини олиш ишларига йўналтириш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиш учун Элчихонанинг Hana Bank (Хана Банк)да очилган махсус ҳисоб рақамини маълум қиламан.
174-910012-53904
Фурсатдан фойдаланиб Сиз ватандошларимга соғлик ва саломатлик тилаб, қиладиган хайрли ишларингиз учун олдиндан ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Ўзбекистон Республикасининг
Корея Республикасидаги
Фавқулодда ва Мухтор элчиси В.Фен