ЎЗБЕКИСТОН ВА ЖАНУБИЙ КОРЕЯ КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИГА ҚАРШИ КУРАШДА ҲАМКОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАМОҚДА
ТОШКЕНТ, 26 апрель. /“Дунё” АА/. Бортида Корея Республикаси томонидан тақдим қилинган умумий қиймати 1 миллион долларга тенг тиббий воситалар бўлган махсус самолёт Тошкентга етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан коронавирус инфекциясига қарши курашишда, шунингдек, Covid-19нинг мамлакатимизда кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида ҳамкор мамлакатдан инсонпарварлик ёрдамини жалб қилиш масалалари ишлаб чиқилди.
Натижада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда умумий оғирлиги 34 тонна бўлган юк шакллантирилди.
Бундан ташқари, Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ажратилган 250 минг доллар миқдоридаги маблағ эвазига коронавируснинг Ўзбекистон Республикасида тарқалишига қарши курашиш мақсадида 20 минг тўпламда ПЦР диагностика тест тизимлари харид қилинди.
Бугун, 26 апрель куни “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг чартер рейси орқали умумий оғирлиги 6,2 тонна бўлган юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар, автомат механизмли тиббий каравот ва ПЦР диагностика тест тизимларидан иборат юкнинг биринчи қисми мамлакатимизга олиб келинди.
Жорий йилнинг 29 март куни Жанубий Корея ва Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш бўйича қўлланилаётган амалиётни уйғунлаштириш мақсадида Корё университети профессори Цой Чже Ук халқаро эксперт сифатида мамлакатимизга таклиф қилинган эди.
Ўтган вақт мобайнида кореялик таниқли мутахассис юртимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда фаолият олиб борди. Эксперт мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни самарали даволаш, уларнинг хасталикдан тезроқ фориғ бўлишлари учун юқори тиббий технологиялардан унумли фойдаланиш бўйича ўз билим ва кўникмалари билан ўртоқлашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан телефон орқали мулоқоти чоғида қатор масалалар бўйича фикр алмашар экан, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни давом эттириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини қайд этган эди.
Олий даражадаги мулоқот самарасида Covid-19 га қарши курашишда мамлакатларимиз тиббиёт соҳаси вакиллари иштирокида онлайн семинар ташкил этилган эди. Унда ҳамкор мамлакатнинг Сеул, Халлим, Корея ва Ёнсей университетлари профессор-ўқитувчилари, “Аннам”, “Северанс” ва “Самсунг” шифохоналари шифокорлари ҳамда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида коронавирус инфекциясига қарши курашаётган 150 нафардан зиёд тиббиёт ходимлари қатнашди. Онлайн-семинарда эпидемия шароитида унга қарши кураш стратегияси, диагностика ва турли тест тизимларининг солиштирма таҳлилларини олиб бориш, молекуляр тадқиқотлар учун таҳлиллар олиш усули, беморларни парвариш қилишдаги клиник тажриба масалалари юзасидан ҳамкор мамлакат тажрибаси ўрганилди.
Бугун мамлакатимизда Covid-19 билан боғлиқ вазиятни назоратга олиш бўйича амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Корея Республикасидан навбатдаги малакали мутахассис ҳам махсус рейс билан Тошкентга етиб келди.
Ҳамкасби билан ўрин алмашган тажрибали мутахассис, Корё университети профессори, анестезиолог-реаниматолог Юн Син Жу мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эпидемия билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш фаолиятини халқаро талаблар асосида олиб борилишини таъминлашда кўмаклашади. Икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ва етакчи тиббиёт марказлари ўртасида саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришда иштирок этади.
Олиб келинган қимматли юк таркибига ҳамкор Жанубий Корея ҳукумати молиявий кўмагида харид қилинган 20 мингта тест тизими, шунингдек, мамлакат тадбиркорлари томонидан тақдим қилинган 50 та автоматик бошқариладиган кўп функцияли тиббий каравот, 4 мингта махсус тиббий ҳимоя кийими, 10 минг жуфт стерилланган қўлқоп, 10 та кўп функцияли монитор киритилган. Бундан ташқари, ультратовуш тадқиқоти (УТТ) учун зарур жиҳозлар, кардиомониторлар, шприцлар учун ишлатиладиган инфузион насослар, ҳавони тозалаш аппарати ҳам бор. Коронавирус инфекциясига чалинган беморларда кислород етишмовчилиги ҳолатлари кузатилади. Шу боис тақдим этилган тиббий жиҳозлар орасида қон таркибида кислород миқдорини ўлчайдиган пульсоксиметр мосламаси, дезинфекция учун сунъий буғ генератори, коронавирусни аниқлаш учун тезкор тест тизимлари ва рентген аппаратининг борлиги алоҳида аҳамиятга эга.
Инсонпарварлик ёрдами Жанубий Корея ҳукумати, Шинхан университети ва мамлакатнинг “Evergreen Motors”, “Shindong Resources”, “Hanshin E&C”, “Chung Hospital”, “Union Korea Pharm”, “BOMI E&C”, “GM Korea”, “UNICO Logostics”, “Century”, “Baraka Holding”, “Tashkent Trade Center”, “Hyundai Engineering” каби компаниялари, тиббий муассасалари, савдо марказлари ва юртимизда фаолият юритаётган фирмалари томонидан тақдим этилди.
Қайд этиш жоиз, бундан аввал Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги туризм элчиси, машҳур «Сарой жавоҳири» телесериалидаги Тангем роли ижрочиси Ли Ёнг Э ўзи иштирокидаги янги – “Саимдан, ранг-баранг хотиралар” номли 3 миллион долларлик телесериални ўзбекистонлик кино шинавандаларига беминнат ҳадя қилганди. Бу икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат давлатлараро аҳамият касб этишидан, шу билан бирга, хусусий сектор ва маданият йўналишда ҳам фаол ривожланиб бораётганидан, синовли дамларда бир-бирига елкадош бўлишга интилишдан далолат.
Олиб келинган тиббий анжом ва воситалар мамлакатимизда карантин тадбирларини ташкил этиш, касалликларни аниқлаш ва даволаш, реабилитация тадбирларини амалга оширишда қўлланилади.
Инсонпарварлик ёрдамининг қолган қисми навбатдаги юк чартер рейси билан мамлакатимизга олиб келинади.