“Shindong Resources” компанияси билан қўшма лойиҳани амалга ошириш жараёнини тезлаштириш масаласи муҳокама қилинди
СEУЛ, 30 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси ўринбосари А.Қодирхўжаев “Shindong Resources” компанияси раиси, Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес уюшмаси раиси Ким Ёнг Гу билан видеоконференция алоқа шаклида мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган тадбирда Навоий вилоятидаги “Саутбай” участкасида металл конларини қазиб олиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Ушбу лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш, хусусан, «Uz-Kor Tungsten» қўшма корхонаси билан «Shindong Resources» қўшма корхонаси ўртасида кредит шартномасини муддатидан олдин имзолаш, шунингдек, қўшма корхонадаги капитал қўйилмасини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар музокараларни давом эттириш ва видеоконференциялар шаклида доимий маслаҳатлашувларни ўтказишга келишиб олди.