Жанубий Кореяда вафот этган Ўзбекистон фуқароси ҳақида

Жанубий Кореяда вафот этган Ўзбекистон фуқароси ҳақида
Сўнгги пайтларда кўплаб ижтимоий тармоқларда ва интернет ресурсларида Жанубий Кореяда истиқомат қилган ватандошимиз Ким Нозима Акмал қизининг вафоти юзасидан турли тасдиқланмаган хабарлар кенг тарқалмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Сеулдаги Элчихонаси воқеа содир бўлган кундан бошлаб Жанубий Корея ҳуқуқ-тартибот органлари билан ватандошимизнинг ўлими ҳолатига ойдинлик киритиш, тергов ҳаракатларини ҳаққоний олиб борилишини таъминлаш мақсадида ҳамкорлик қилиб, учрашувлар ўтказиб келаётганини билдирамиз.
Яқинда олиб борилаётган тергов ишлари ҳақида аниқ маълумотларни тақдим этиш мақсадида марҳуманинг онаси Феруза Алимбекова Элчихона ҳамда Корея полицияси кўмагида Жанубий Кореяга таклиф этилди.
Жорий йил 14 апрель куни марҳуманинг онаси Ф.Алимбекова, унинг адвокати ҳамда Элчихона ходимлари иштирокида ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бораётган Пёнтек шаҳар полицияси масъуллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Корея полицияси вакиллари Ўзбекистон фуқаросининг вафоти ҳамда ушбу ҳолатнинг юз бериш тафсилотлари бўйича ўтказилган қўшимча текширув тадбирлари хусусида маълумот берди.
Корея ҳуқуқ-тартибот органларининг маълум қилишича, фуқаро Н.Кимнинг ўлими юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ва экспертиза натижаларига кўра, марҳуманинг вафотида қотиллик аломатлари аниқланмаган.
Бундан ташқари, Корея полицияси томонидан воқеа содир бўлган тунда ёзилган марҳума истиқомат қилган уйнинг атрофидаги, шунингдек, Н.Кимга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган касалхона ҳамда Пёнтек шаҳридаги “Сонму” шифохонасидаги камераларга муҳрланган видеотасмалар ҳам марҳуманинг онасига ва унинг адвокатига маълумот тариқасида кўрсатилди.
Учрашув давомида Пёнтек шаҳридаги Корея Миллий суд-тиббиёт экспертизаси томонидан амалга оширилган чуқурлаштирилган экспертиза натижалари ҳам маълум қилинди.
Мазкур таҳлил натижаларига кўра, фуқаро Н.Кимда ўз жонига қасд қилиш ташхиси асосида ўлим ҳолати қайд этилган. Шунингдек, ДНК, қон, бармоқ изи таҳлил қилингани, унинг танасидан заҳарли ва дори моддалар ёки ички ҳамда ташқи тана қисмларида қаттиқ зарба таъсирида юзага келган кўкариш ҳолатлари аниқланмагани бўйича ҳам маълумот берилди.
Корея полицияси ходимлари ижтимоий тармоқларда тарқалаётган марҳума Н.Кимга тегишли турли суратлар тергов жараёнида олинмагани ва уларни тарқатиш Корея қонунчилиги бўйича тақиқланишини билдирди.
Учрашувда Пёнтек шаҳар полицияси вакиллари ҳозирда тергов жараёни давом этаётгани, натижаси бўйича маълумотлар марҳуманинг яқинларига тақдим этилишини билдирди.
Мазкур ҳолат мамлакатимиз Элчихонаси томонидан назоратга олинган бўлиб, дипломатик ваколатхона марҳуманинг вафотига ойдинлик киритиш бўйича Корея полицияси билан ҳамкорликни давом эттирмоқда
Шу ўринда, Элчихона фуқароларимиздан марҳума ватандошимизнинг хотирасини ҳурмат қилишга, турли тасдиқланмаган, нотўғри ва бўҳтон маълумотларни тарқатмасликка чақириб қолади.
Ўзбекистон Республикасининг
Корея Республикасидаги Элчихонаси