Ўзбекистон ва Корея стратегик ҳамкорликни давом эттиради
Жорий йилнинг 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари С.Умурзаков ва Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Хон Нам Ки иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.
Муҳокама кун тартибида биноан олий даражадаги ташрифлардан сўнг эришилган икки томонлама келишувлар доирасидаги инвестиция, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва истиқболлари муҳокама қилинди. Умумий иқтисодий лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишдаги кечикиш хавфини имкон қадар камайтириш мақсадида жорий иқтисодий вазиятда тизимли ишларни давом эттириш устуворлиги таъкидланди, бунинг учун икки мамлакат ташқи иқтисодий алоқалар вазирлари ўринбосарлари бошчилигидаги Ишчи гуруҳ инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига манзилли ёрдам бериб борадилар ҳамда пайдо бўлган масалаларни тезкор ҳал этадилар.
Ушбу йўналишда, Тошкент вилоятида «Tashkent Pharma Park» кластерини яратиш лойиҳасини амалга оширишни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади - Корея томони етакчи Корея компанияларни кластерда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиш ишларини фаоллаштиради ҳамда Корея Эксимбанки томонидан лойиҳанинг бир қисмини молиялаштиришни тезлаштириш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари уларнинг Кореяда муваффақиятли ишлаш тажрибасига асосланиб алоҳида кўриб чиқилди – хусусан, “Ангрен” ЭИЗ ҳудудининг бир қисмини “Инчон” ЭИЗнинг ишончли бошқарувига топшириш лойиҳаси доирасида Кореянинг транспорт вазирлиги ва “Эл Эйч Корпорейшн” корпорациясининг Кореяда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда катта тажрибага эга бўлган мутахассисларидан иборат Корея ишчи гуруҳини Ўзбекистонга юбориш истиқболлари муҳокама қилинди.
Савдо тўсиқларини бартараф этиш ва икки мамлакат бозорларига Ўзбекистон ва Корея маҳсулотларини олиб киришни осонлаштиришга қаратилган самарали чоралар орқали товар айланмасини кўпайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолашга тайёргарлик кўриш доирасида музокаралар жараёнини тезлаштириш тўғрисида келишувга эришилди. Шунингдек, Корея томони Ўзбекистонда Корея гранти асосида амалга оширилаётган кенг кўламли инновацион лойиҳа – Миллий электрон тижорат онлайн-платформасини яратиш бўйича лойиҳанинг 2-босқичини амалга оширишни бошлашга тайёрлигини билдирди.
Аграр секторида ўзаро савдони оширишдаги муҳим қадам Корея стандартларига мувофиқ Ўзбекистон карантин хизматни ташкил этилиши бўлиб, бунинг учун Ўзбекистонда замонавий ўсимлик карантин лабораторияси ташкил этилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Жахон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнида, жумладан, Корея ҳалкаро иқтисодий сиёсати институтидан эксперт-маслаҳатчиларни жалб қилиш орқали икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.
Бундан ташқари, молия-техникавий соҳада ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли механизмлари муҳокама қилинди - Кореянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) грантларини жалб этган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар, шунингдек, Корея Эксимбанки ва Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) билан қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Корея Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган EDCF билан янги уч йиллик молия-техникавий ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Шунингдек, ушбу йўналишда, коронавирус инфекциясини тарқалишига қарши кураш ва пандемиянинг иқтисодий оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида Корея Республикаси ҳукумати томонидан Ўзбекистонга молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш имконияти муҳокама қилинди.
Корея ҳукуматига инфекцияни аниқлаш учун синов-тизимлари шаклида юборилган гуманитар ёрдам ва тиббий асбоб-ускуналар ва буюмлар, шунингдек, COVID-19 га қарши курашда ёрдам бериш учун Ўзбекистонга юқори малакали маслаҳатчиларни юборгани учун миннатдорчилик билдирилди. Бундан ташқари, яқин келажакда Ўзбекистонга қўшимча гуманитар юклар юборилиши кутилмоқда.
Видеоконференция якунида белгиланган лойиҳалар ва ташаббуслар доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.
Ушбу йўналишдаги ишлар вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида видеоконференциялар шаклида ҳамда икки мамлакат экспертлари ва мутахассисларининг ўзаро мулоқот йўли орқали фаол равишда давом эттирилади.