Дўстлик – энг катта бойлик
Мустақил Ўзбекистонда миллатлар ва конфессиялараро тотувлик ва ўзаро бир-бирини тушуниш, ёш авлодни бағрикенглик, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди.
Конституциямиз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани муҳрлаб қўйилган. Уларга ўз маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.
Кейинги йилларда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ўзининг сифати ва маъно-мазмунига кўра янги, янада юксак босқичга кўтарилди.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 30 июль – бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланиб келинади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йил 10 февралда қабул қилинган қонунга асосан Ўзбекистонда ушбу сана Халқлар дўстлиги куни деб белгиланди. Бу байрамнинг таъсис этилиши бутун республикамиз аҳолисининг айни кўнглидаги иш бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг сана муносабати билан юртдошларимизга йўллаган байрам табриги эълон қилинди. Табрик кўп миллатли Ўзбекистон халқи томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда қўмита раиси Рустамбек Қурбонов халқлар дўстлиги куни билан барча юртдошларимизни табриклаб, мазкур санани муносиб нишонлаш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга юртимизда “Дўстлик” фестивали ташкил қилинаётганини қайд этди.
Таъкидландики, “Дўстлик” фестивалини ўтказишнинг асосий мақсади жаҳон мамлакатларининг миллатлараро тотувликни таъминлаш борасидаги тажрибаси ва илмий салоҳиятини бирлаштириш, халқлар маданиятини намойиш этиш, шунингдек, хорижий мамлакатлар, шу жумладан қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда чет элдаги ватандошларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, юртимизда яшаб келаётган барча миллат ва элат вакилларининг маданияти, тили, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлашдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, 30 июль – 7 август кунлари “Дўстлик” фестивали доирасида юртимизда турли маданий, маънавий-марифий ва илмий-амалий тадбирлар режалаштирилган.
Хусусан, 30 июль – 3 август кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб байрам сайллари, концерт дастурлари ташкил қилиниши белгиланган.
4 август куни пойтахтимиздаги “Cinema Palace” кино саройида “Дўстлик” видеороликлар танлови ғолибларини тақдирлаш тадбири ўтказилади. 5 август куни пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувликни таъминлаш” мавзусида халқаро конференция ташкил қилинади.
6 август куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан вазирлик, идора вакиллари, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ва хорижлик ҳамкорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Шу куни пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” қардош халқлар ёзувчи ва шоирларининг асарлари кўргазмаси ўтказилади.
Шу куннинг ўзида “Халқлар дўстлиги” майдонида “Дўстлик оҳанглари” номи остида таниқли эстрада, опера санъати усталари ва Ўзбекистон миллий симфоник оркестри жўрлигидаги катта гала-концерт ҳамда “Do‘stlik fashion” миллий анъанавий костюмлар ва замонавий либослар дефилеси ўтказилиши кўзда тутилган.
6-7 август кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг маданият ва истироҳат боғлари, хиёбон ва сайлгоҳлари турли миллат вакиллари иштирокида “Халқлар дўстлиги” концерт дастурлари намойиши бўлиб ўтади.
Фестиваль доирасидаги тадбирлар аҳолини, айниқса, ёшларни умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, турли миллатлар қадриятларига ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялашга, шунингдек, жаҳонда самимий дўстлик ғояларини тарғиб қилиш ва тараннум этишга хизмат қилади.
Дўстлик фестивалида халқаро ташкилотлар вакиллари, чет эл сиёсатчилари, экспертларнинг иштироки кўзда тутилган. Хусусан, ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар масалалари бўйича олий комиссари Кайрат Абдрахманов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.
28 июль куни мартабали меҳмоннинг Андижон ва Фарғона вилоятларидаги миллий маданий марказлар (тожик, славян, қирғиз) билан учрашуви бўлиб ўтди ҳамда Фарғона шаҳрида янги очилган “Дўстлик уйи” фаолияти билан яқиндан танишиш имкони яратилди.
29 июль куни Кайрат Абдрахманов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолияти билан танишди. Мартабали меҳмон дўстлик фестивали доирасида ташкил қилинаётган байрам сайлларида иштирок этиши кўзда тутилган.
Матбуот анжумани давомида журналистлар томонидан йўлланган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди. Иштирокчилар томонидан юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни кўз қорачиғидек асраб авайлаш барчанинг муқаддас бурчи эканига оид фикрлар билдирилди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири