Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатиясида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги
Муносабат
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятида минтақавий ва халқаро ташкилотлар платформалари имкониятлари орқали миллий манфаатларни илгари суриш ҳамда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишга қаратилган саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва унинг тузилмаларида Ўзбекистоннинг иштироки сезиларли равишда фаоллашди. 2017-2021 йиллар давомида мамлакат МДҲнинг 40 дан зиёд кўп томонлама битимларини имзолади ва ташкилотнинг 23 та органига қўшилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлислари ҳамда норасмий саммитларида мунтазам иштирок этиб, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва МДҲни ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепциясидаги мақсад ва вазифаларга эришиш бўйича қатор таклифларни илгари суриб келмоқда.
Ўзбекистон 2020 йилда МДҲга раислик қилди. Қисқа муддатда ташкилот доирасида кўп томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш раисликнинг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланиб, Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги Концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур икки ҳужжатда назарда тутилган амалий чора-тадбирлар муваффақиятли ижро этилди. МДҲга раислик даврида қабул қилинган 70 дан ортиқ энг муҳим ҳужжатлардан бири – 2030 йилгача бўлган Иқтисодий ривожланиш стратегияси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Мазкур Стратегиянинг асосий мақсади ҳамкорликда барқарор иқтисодий ривожланиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ва аҳоли фаровонлиги даражасини оширишдир. Унинг қабул қилиниши МДҲ давлатларининг узоқ муддатли манфаатлари ва иқтисодий ривожланишига асос бўлиши, ўзаро мос келиши ҳамда тенг ва кўп қиррали ҳамкорлик аъзо давлатларнинг манфаатдорлигини тасдиқлади.
2022 йилнинг 14 октябрь куни МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Остона шаҳрида ташкил этилган навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ доирасидаги шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишларига тўхталиб ўтди ва бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, Президент МДҲ маконида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни жадаллаштириш ва ёшлар масаласидаги муносабатларни кенгайтириш мақсадида 2023 йилда Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари ёш олимларининг “Ёшлар – инновация тарафдори” шиори остида биринчи конгрессини ташкил этиш, ҳар йили шахмат бўйича Ҳамдўстлик очиқ кубогини ўтказиш таклифини билдирди. Шунингдек, 2024 йилда МДҲнинг маданият пойтахти номини олишга Самарқанд шаҳрининг номзоди илгари сурилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Ҳамдўстлик мамлакатларида барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, бу борада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ўзаро савдодаги тўсиқларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш, хусусан, нарх-навонинг сунъий ўсишига йўл қўймаслик ҳамда инфляцияни жиловлаш мақсадида МДҲ маконида озиқ-овқат маҳсулотлари тўсиқларсиз етказиб берилиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ҳамкорликда янги логистика йўлакларини ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
Шу нуқтаи назардан, “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” ҳамда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш МДҲни трансконтинентал транспорт ташишларнинг муҳим занжирига айлантиришига эътибор қаратилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг МДҲ ва унга аъзо давлатлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларининг жадаллашуви натижасида 2017-2022 йиллар давомида савдо-иқтисодий алоқалар барқарор ўсиб келмоқда.
Жумладан, 2020 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси ҳажми 11,4 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилда мазкур кўрсаткич 15,9 миллиард долларга етди, бунда мамлакат ташқи савдо айланмасининг 37,7 фоизи МДҲ давлатлари ҳиссасига тўғри келди. 2022 йилнинг январь-август ойларида эса Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг учдан бир қисми ёки 37,9 фоизи МДҲ давлатларига тўғри келди ва 12,2 миллиард долларни ташкил этди. Бунда экспорт 45,1 фоизга ўсиб, 4,8 миллиард доллар, импорт эса 17,6 фоизга ўсиб, 7,4 миллиард доллар қийматида қайд этилди. Ўз навбатида, мамлакатнинг МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмасининг энг юқори ҳажмлари Россия (46,6 фоиз), Қозоғистон (23,6 фоиз) ва Қирғизистон (6,2 фоиз) билан амалга оширилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатияси тизимида МДҲ алоҳида ўрин тутиб, мазкур ташкилот доирасида илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар, Ҳамдўстликда жараёнларни сиёсийлаштирмаган ҳолда, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакат миллий манфаатларини амалга оширишда энг юқори натижаларга эришишга қаратилган.
Айниқса, халқаро майдондаги мураккаб геосиёсий вазият, кучайиб бораётган кескинлик, транспорт-логистика ва савдо-иқтисодий алоқалар тизимига бўлган жиддий таҳдидлар шароитида МДҲ доирасида амалдаги савдо режимини сақлаш ва янада такомиллаштириш тамойилларига асосланган тўлақонли эркин савдо майдонини шакллантириш масаласи Ўзбекистон учун энг муҳим масала бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, МДҲ маконида ва қўшни минтақалар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни яхшилаш, транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, меҳнат муҳожирлари манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш асосий устувор йўналишлардан бири, деб қаралмоқда.
Шуларни инобатга олган ҳолда, МДҲга аъзо давлатлар кўп томонлама ҳамкорликни савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт, туризм, хавфсизликни таъминлаш, маданий-гуманитар ва бошқа бир қатор соҳаларда янада ривожлантириши нафақат Ҳамдўстлик маконида, балки қўшни минтақаларда ҳам барқарор тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.
Фаррух ҲАКИМОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи.
ЎзА