Тил – миллий тафаккур рамзи ва тараққиёт асоси
Тил инсоният тамаддуни учун чексиз аҳамиятга эга бўлган энг буюк ихтиролардан бири. Тил – миллатнинг руҳи. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди.
Тилнинг базавий функциялари орасида коммуникатив (мулоқот), когнитив (тафаккур), кумулятив (билимларни тўплаш ва сақлаш), номинатив (нарса ва объектларни номлаш), эмотив-экспрессив (эмоцияни намоён қилиш, муносабат билдириш) кабиларни келтириш зарур. Тадқиқотчилар томонидан тилнинг маданий ҳодиса, ижтимоий интеракция ҳосиласи эканлиги таъкидланади.
Назарий лингвистика асосчиси Вильгельм фон Гумбольдт (Wilhelm von Humboldt) тил ва миллий руҳнинг яхлитлигини, миллий тафаккурнинг детерминантлигини эътироф этади. Гумбольдт томонидан илгари сурилган лингвистик концепцияда тил ўз-ўзини ривожлантирувчи организм сифатида таърифланади.
Дунёда 7 мингга яқин тил бор. Она тилида мулоқот ҳажмига кўра хитой, ҳинд, инглиз, испан, араб, португал, рус тилларининг миқёси баланд.
Тил мавжудлигининг асосий шартларидан бири ёзувдир. Ёзув тилнинг фонетик, грамматик, синтактик, семиотик тизими, ёзма белгилари (графема, иероглиф, пиктограмма) тўплами. Ёзув тилни тартибга солиш, чексиз ҳажмдаги маълумотларни сақлаш, кўпайтириш ва тарқатиш воситасидир. Илк ёзувлар эрамиздан олдинги тўртинчи минг йилликда (Месопотамия, Шумерлар давлати) вужудга келган.
Қадимги турк ёзма ёдгорликлари дастлаб Енисей ва Ўрхун дарёлари бўйларида топилганлиги учун улар Ўрхун-Енисей ёзувлари дейилади.Ўрхун-Енисей тошбитикларини тадқиқ этиш қадимги турк тамаддуни, туркий халқлар маданияти, лингвистика, тарих, рунология соҳасидаги тадқиқотлар ривожида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳар бир тил шу тилда сўзлашувчи миллат, этноснинг бебаҳо бойлиги, ифтиxори, нажоти. Тил миллатнинг маънавияти, маданияти, когнитив тасаввурлари, миллий менталитети, ўзига хослиги, турмуш тарзи, урф-одати, этнопсихологияси, феъл-атворини англатади. Фольклор, ҳикматли сўзлар, мақоллар, достонлар, қўшиқлар, илмий ва бадиий асарлар миллатнинг она тилида дунёга келади.
Глобаллашув, ахборот жамияти, техноген тараққиёт тилларнинг мавжудлигига ҳам жиддий таҳдид солмоқда.
Таҳлилларга кўра, сайёрамизда мавжуд тилларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Тилнинг йўқолиши умуминсоний тамаддун учун мислсиз катта йўқотишдир. Зеро ҳар бир тил ушбу тилда сўзлашувчи миллат, элат, этноснинг маданий меросининг яхлит бўлагидир.
Дунёда мавжуд тилларнинг 96 фоизида атиги 3 фоиз дунё аҳолиси мулоқот қилади. Папуас гуруҳига мансуб итери тилида 400га яқин сўзлашувчи қолган. 360 тилда 50 нафардан кам сўзлашувчи қолган. Масалан, ғарбий чад тили зангвал (zangwal) да 40 га яқин сўзлашувчи қолган.
Австралия аборигенларининг тили бўлмиш тьивалида охирги сўзлашувчи Джек Батлер қолган. Фанни Кокрейн Смит Тасманиянинг сўнгги аборигенларидан бири. Гризельда Кристин лив тилини тўлиқ ўзлаштирган ягона вакили эди. Унинг вафотидан сўнг ер юзида лив тилида тўлақонли сўзлаша оладиган инсон қолмади.
ЮНЕСКО томонидан яратилган йўқолиб бораётган тилларнинг Қизил китоби (Red Book of Endangered Languages) жаҳон ҳамжамияти эътиборини умумбашарий тамаддун, тиллар, маданий хилма-хилликни сақлаб қолишга қаратилган. Дунё тиллари орасида тарқалиш ҳудуди жуда кенг бўлган туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг ўз ўрни ва мақоми бор.
Бугунги кунда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этади. Ўзбек тили Ўзбекистон ҳудудидан ташқари Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Россия, Туркияда кенг тарқалган. Ўзбек тили лексик-грамматик жиҳатдан уйғур тили ҳамда чиғатой гуруҳига яқин туради. Ўзбек тилининг лексик-грамматик қатламига араб ва форс тилининг кучли таъсири мавжуд. Тилнинг генезисида қарлуқ, қипчоқ, ўғуз диалектлари иштирок этган.
Туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг мавқеини юксалтириш йўлида Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Шайхзода Атойи, Лутфий, Саккокий, Хожа Аҳмад Яссавий, Маҳмуд Қошғарий, Носириддин Рабғузий, Мунис Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Заҳириддин Бобур, Ҳофиз Хоразмий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Аваз Ўтар, Фурқат, Муқимий каби мутафаккирлар беқиёс ҳисса қўшдилар.
Бу йўлда қутлуғ ҳаракат буюк мутафаккир Алишер Навоий ижодида оламшумул ғалаба билан якунланди. Улуғ аллома ўзининг “Хамса”, “Муҳокамат-ул луғатайн” каби шоҳ асарларида туркий халқларнинг жаҳон цивилизациясидаги тутган ўрни ва оламшумул вазифаси ҳақидаги таълимотни ярата туриб, туркий тилимизнинг бутун Турон заминига сочилиб кетган сўз, лаҳжалари бойликларини тўплаш, авайлаб-асраш, такомилга етказиш, уни юксак адабиёт, санъат, илм-фан ва сиёсат даражасига кўтариш борасида саъй-ҳаракатлар қилиш зарурлигини уқтирган ҳолда, ўзи бунга бутун ижоди давомида тўла риоя қилган.
Давлат тили жамият ҳаётининг барча соҳаларида қўлланиши шарт, деб эълон қилинган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган. Ушбу қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиши таъминланиши белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди ҳамда фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат тилларига ҳурмат кўрсатилади ва уларнинг ривожи учун шароитлар яратади.
Таъкидлаш лозимки, сайёрамиздаги 7 мингга яқин тилнинг ҳар бири давлат тили мақомига эга эмас, 200 тасигина давлат тили сифатида қабул қилинган.
Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Тилларни сақлаб қолиш халқнинг маънавияти, маданияти, миллий тафаккури, урф-одати, тарихининг сақланиб қолинишини англатади. Чунки халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилайди.
Мазкур контекстда тилимизнинг нуфузи ва мавқеини юксалтириш, фуқароларда давлат тилига нисбатан ижтимоий фаоллик, масъулият ҳиссини кучайтириш муҳимдир.
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий, маънавий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир. Шунинг учун уни авайлаб-асраш учун ҳаммамиз масъулмиз.
Моҳира ХОЛИҚОВА,
Тошкент шаҳар педагогларни янги методикаларга ўргатиш
миллий маркази директори,
фалсафа доктори, доцент
ЎзА